Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барча жабҳалари сингари хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам туб бурилишларга олиб келди. Хизмат кўрсатиш соҳаси –бу ҳали тўлиқ фойдаланилмаган заҳиралардир. У нафақат ишдан озод бўлган ходимларни иш билан таъминлаш, балки меҳнат ресурслари ўсишининг бутун ҳажмини ишчи ўринлари билан таъминлашга ҳам қодирдир. Аҳоли турмуш даражасини оширишда хизматлар соҳасини ривожлантириш, ижтимоий инфратузилма, уй-жой коммунал хўжалик объектлари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш, таълим тизими, соғликни сақлаш, транспорт, алоқа, дам олиш муассасаларини шакллантириш ва жойлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш давомида ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда тармоқ ва ҳудудий ёндошувни муштарак ташкил этиш долзарб бўлиб боради. Ҳудудий ёндашув ижтимоий инфратузилманинг турли объектларини жойлаштириш ва ўзаро таъсирини яхшилаш, уларни маҳаллий эҳтиёжлар, ресурслар ва шароитларни ҳисобга олган ҳолда шакллантириш имконини беради.