Ўсимликларнинг баргсиз, куртаксиз ер ости қисмига илдиз дейилади. Илдиз ўсимликларнинг муҳим вегетатив органларидан бири бўлиб, у эволюция жараёнида сувдан қуруқликка мослашган юксак ўсимликларда пайдо бўла бошлаган. Сувўтларда, йўсинларда, илдиз йўқ, лекин йўсинларда бир хил ҳужайралар тўпламидан иборат бўлган, тўқималарга бўлинмаган мосламалари бўлиб, улар ризоидлар дейилади. Ризоидлар тупроқдан сув ва унда эриган минерал моддаларни сўриб олиб, пояга етказиб беради.