Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши таркибини қайта ўзгартириш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни амалга ошириш жараёнида фермер хўжаликларини барқарор ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Аграр тармоқни жадал ривожлантириш ер ресурсларидан самарали фойдаланишни тақозо этади. Чунки суғориладиган ерларнинг 0,2 % ини мелиоратив ҳолати ёмон, 25 % ини ўртачадан паст, 48,2 % ини ўртача, 24,3 % ини яхши ва 2,3 % ини энг яхши ерлар ташкил этади. Тупроқ бонитети ўртача 55 бални ташкил этган ерлар асосан Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, ерларнинг шўрланиш даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. бу нафақат экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши, балки тармоқнинг рентабеллигига, экологик ҳолатнинг бузилишига таъсир кўрсатмоқда.