Уй хўжалигида оила даромадининг шаклланишини бозор шароитидаги яна бир манбаи шахсий ёрдамчи хўжаликни ривожлантириб, даромадни ошириш ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ аҳолиси даромадининг шаклланиши шаҳар аҳолисиникидан тубдан фарқ қилади. Чунки қишлоқ аҳолисининг даромад манбаи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан ташкил топади. Хўжалик юритишнинг совет давридан қолган, ўзини оқламаган шаклларидан воз кечиб, уларнинг ўрнига бутун дунёда кенг жорий этилган хусусий фермер хўжаликлари ташкил этилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор инфратузилмаси амалда қайта тузилди, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва рағбатлантириш сифат жиҳатидан янги тамойиллар асосига қурилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 76 фоизи, жумладан, саноат маҳсулотининг қарийб 80 фоизи, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва чакана савдо айланмаси эса тўлиғича иқтисодиётнинг нодавлат секторида яратилмоқда. Юртимиздаги корхоналарнинг 90 фоизи хусусий ва корпоратив мулк шаклига ўтган, уларда жами иш билан банд аҳолининг 77 фоизи меҳнат қилмоқда.