Мавзунинг долзарблиги. Жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган ўзбек халқи асрлар давомида моддий ва маънавий маданият дурдоналарини яратиб келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 2006 йил 3 ноябрда Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Хоразм Маъмун академияси даври ва ундан кейинги даврларда яратилган қўлёзма манбаларга эътибор қаратиб, “Ҳозирги кунда мамлакатимиз қўлёзма фондларида сақланаётган бетакрор илмий мерос ҳали-бери тўла ўрганилган эмас. Уни ҳар томонлама ўрганиш, ҳозирги ва келгуси авлодларга етказиш барчамизнинг муҳим ва долзарб вазифамиз бўлмоғи керак” , деган эдилар.