Мамлакатимизда ҳозирги кунда хўжалик юритишнинг ўндан ортиқ шакллари синаб кўрилди ва улар орасида хусусий мулкчилик муаммосини ҳал қила оладиган учта шакли танлаб олинди. Булар йирик товар маҳсулотни етиштирувчилар – қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжаликлари), ўрта товар маҳсулоти етиштирувчилар – мустақил фермер хўжаликлари ва кичик товар маҳсулоти етиштирувчилар – деҳқон хўжаликлари. Хўжалик юритишнинг бу учта шаклларининг ҳар бири бўйича: “Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Хўжалик юритиш механизми тушунчаси турли олимлар томонидан турлича талқин қилинган бўлиб, аксарият ҳолларда хўжалик механизми ҳамда ички хўжалик юритиш механизми тушунчаси бир – биридан ажратилади. Хўжалик механизми қишлоқ хўжалиги ҳамда агросаноат мажмуининг бошқа соҳаларини мувофиқлаштириш усуллари, шакллари ҳамда муносабатларини ўзида мужассамлаштиради. Хўжалик юритиш механизми бизнинг фикримизча, бу хўжалик тизими барча унсурларини шакллантиришнинг ҳамда мувофиқлаштиришнинг кенг қамровли муносабатларини ўз ичига олади. Мувофиқлаштиришнинг ҳуқуқий воситалари, ташкилий жиҳатдан мувофиқлаштириш ва чегаралаш ҳамда ижтимоий таъсир ўтказиш ана шу муносабатларнинг таркибий қисмлари бўлиб ҳисобланади.