Жаҳон молиявий инқирозининг республикамиз иқтисодиётига таъсири бошқа ривожланган ва айрим қўшни давлатлардагига қараганда мазмунан фарқ қилади. Агар бошқа мамлакатларда бу жараёнлар бевосита молия тизимининг издан чиқиши ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг кескин қисқариб кетиши, кўплаб йирик корхоналарнинг ёпилиши орқали намоён бўлса, бизда жаҳон хомашё бозорларида талабнинг сусайиши туфайли нархларнинг кескин пасайиши ҳамда бунинг оқибатида экспорт даромадларининг сезиларли камайиши, асосий савдо ҳамкорларимизнинг харид қобилиятининг пасайиши натижасида ташқи савдо айланмасининг қисқариши орқали намоён бўлади. Шу билан бирга, бугунги кунда кўплаб етакчи олим ва мутахассисларимиз томонидан иқтисодиётимизда молиявий инқирознинг салбий оқибатлари таъсирини пасайтирадиган омиллар мавжудлиги таъкидланмоқда. Иқтисодчи олимлар ва мутахассисларнинг фикрларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига инқироз оқибатлари аҳамиятли таъсир кўрсатадиган даражада интеграциялашмаганлиги, мамлакатимизда катта ҳажмдаги хорижий капитални ушлаб турувчи компания ва молиявий институтларнинг йўқлиги, хусусийлаштириш механизми ва шарт-шароитлари натижасида деярли барча устав фондларининг корхоналарнинг реал хусусий активлари билан таъминланганлиги каби ҳолатлар асосида инқирознинг салбий таъсири у қадар катта бўлмаслиги мумкин.