Шарқ Уйғониш даври шундай қомусий олимларни юзага чиқарди-ки, уларнинг жаҳон маданияти ва илму фанига қўшган ҳиссаси ҳанузгача ҳайрат билан эътироф этилади. 2000 йилда таваллудининг 910 йиллиги нишонланган Бурҳониддин Марғиноний ҳам ана шундай буюк сиймолардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Ислом дунёсининг буюк алломаси, машҳур «Ҳидоя» асарининг муаллифи, XII аср бошида таваллуд топган улуғ зот Бурхониддин Марғиноний ҳам шу замин фарзандидир».
Буюк факиҳ Абул Ҳасан Али ибн абу Бакр ибн Абдул Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний 1123 йил 23–сентябрда туғилган. Ул зотнинг Бурҳонуддин вал-милла деган шарафли номлари халқ орасида машҳур бўлган. Ул зотнинг нисбаларидаги ар-Ришдоний нисбасини ал-Марғиноний нисбасидан олдин бўлишининг сабаби, бир томондан, алломанинг айнан Ришдонда туғилганлиги бўлса, иккинчи томондан эса, ўрта асрларда Ришдон Марғилондан кўра каттароқ шаҳар бўлган. Шунинг учун ҳам Ришдон Марғилондан олдин қайд этилган.