Туркистонда янги йўналишдаги публицистика, драматургия, театр маданияти, саҳна санъатининг туғилиши бевосита унинг номи билан боғлиқ.
Беҳбудий 1875 йилда (айрим маълумотларга кўра — 1874 йилда)
Самарқандда туғилди. У ёшлигиданоқ араб, форс, турк тилларини
мукаммал ўрганди. Болаликда унга тоғалари — муфти Одилқори ва қози
Муҳаммад Сиддиқнинг таъсири кучли бўлди. Маҳмудхўжа қози тоғаси
ёнида мирзолик қилди. Ўз даврининг пешқадам газетаси «Таржумон»ни
муттасил ўқиб борди. Вояга етгач, ўзининг ҳам муфти даражасига
кўтарилишида ва фаол ижтимоий-сиёсий ишлар билан машғул бўлишида
бу муҳит катта роль ўйнади.