Она тили миллатнинг энг муҳим қадриятидир. Зеро, она тилисиз миллатнинг бўлиши мумкин эмас. Ватаннинг, миллатнинг номи шу халқ тили билан аталиши ҳам шуни кўрсатиб турибди. Шунинг учун она тилини эъзозлаш, уни чуқур ва ҳар тарафлама ўрганиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Бунда она тили, тилшунослик фанларини ўқитувчилар зиммасига катта масъулият тушиши шубҳасиз. Она тили ўқитувчиси ўқувчи-талабада она тилига муҳаббат туйғусини уйғота олмас, уни мустаҳкамлай олмас экан, у ўз бурчини бажара олмаган бўлади. Лекин бу ўқитувчининг ўзигагина боғлиқ эмас. Бунинг учун она тили ўқитувчилари, тилшунослар қўлида юқори савияда ёзилган, она тилига муҳаббат яққол кўзга ташланиб турадиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ҳам бўлиш керак. Афсуски, бу борада ижобий фикр билдиришга қийналамиз. Бунинг сабаблари кўп. Биз ушбу мақолада ана шу масала билан боғлиқ айрим муаммолар тўғрисида, хусусан, ўзбек адабий тилини ўрганишга қаратилган айрим қоидалар, таърифлар хусусида фикр юритамиз.