Ҳар қандай шаҳар ёки туман ўз ўтмиши билан бой. Ўтмиш эса ёзма ёдномаларда, меъморлик ёдгорликларида, халқнинг асл фарзандлари ҳаёт дафтарларида, шунингдек жуғрофий номларда муҳрланиб қолган. Ҳар бир шаҳарнинг иқтисодий, миллий, табиий хусусиятлари ҳақида унинг топонимик номларига қараб ҳам тасаввур қилиш мумкин. Чунки бу номлар асрлар давомида яхши-ёмон кунларни муҳрлаш учун халқнинг юрагидан чиққан сўзлардир; сўз бўлганда ҳам оддий сўз эмас, бирдан ортиқ таркибий қисмдан иборат атоқли отдир. Топонимика кучи худди шу ерда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисани шу ерда яшаб ўтган ва ҳалқ дилида жо бўлган заҳматкаш ёки фидо киши хотирасини, теварак-атрофда кўп учрайдиган ва бирон жиҳати билан фойдали ёки зарарли бўлган ўсимлик ёки ҳайвонни, шу жой табиатининг ён-веридан тафовут қиладиган характерли аломатларини, уруғ-аймоқлар жуғрофиясини аниқ ифода эта олишдадир. Топонимлар халқ каби оддий. Ҳалқ орасида яхши ҳам, ёмон ҳам бор дегандек, жой номлари ичида чиройли, гўзал номлар билан бир қаторда қулоққа у қадар ҳуш ёқмайдиган топонимлар ҳам бўлади. Масалан: Хуморроз, Тентаковул. Худди ана шундай номлар ўта ифодали бўлиб, уларни шу жойнинг табиати, тарихи, иқтисодиётини акс эттирмайдиган замонавий ҳавойи сўзлар билан алмаштиришга шошилмаслик керак. Жуғрофий номларда ҳалқнинг муҳаббати ҳам, нафрати ҳам, эътибори ҳам ўз ифодасини топади. Топонимиканинг бир қонуни оммавий ҳодиса-воқеалар орасидаги кам топиладиганини ажратиб кўрсатишдир