Мавзунинг долзарблиги. Инсоният тараққиётининг озирги босқичи глобаллашув жараёнларининг жадал ривожланиши орқали тавсифланади. Глобаллашув жараёнларининг кенгайиши жаҳон мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг янада такомиллашувига олиб келади. Жумладан, глобаллашув натижасида трансмиллий корпорациялар, уларнинг турли кўринишдаги халқаро бирлашмалари фаолиятининг таркиб топиши ва кенгайиши, халқаро ишлаб чиқариш кооперацияси ва менат тақсимотининг нисбатан юқори даражага ўтиши, халқаро иқтисодий ташкилотлар фаолиятининг янада кучайиши рўй беради.
Умуман олганда, глобаллашув жараёнлари жаҳон хўжалигининг яхлит иқтисодий тизим сифатида ривожланишида сифат босқичи ҳисобланиб, янги имкониятларни очиб беради. Бироқ, глобаллашув жараёни ўзининг ижобий жиҳатлари билан бирга зиддиятли томонларига ҳам эга. Жаҳоннинг бир мамлакатида рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ларзаларнинг муқаррар равишда бошқа мамлакатларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши шулардан бири ҳисобланиб, бугунги кунда рўй бераётган молиявий инқироз ҳам айнан шу маънода глобаллашув жараёнларининг оқибати ҳисобланади.