Ишнинг мақсади: маҳаллий ўсимлик хом ашёлари: гулхайри илдизи; ёнғоқ ва маврак барги; оддий бўймадарон ва мойчечак гули; қирқбўғин ва қоқиўт ер устки қисмлари асосида, балғам кўчирувчи хоссага эга бўлган “Тонзилат” эликсирининг таркиби ва технологиясини ишлаб чиқиш.
Усуллар: перколяция, мацерация ва мацерацион-циркуляция
Натижалар: бугунги кунда халқ табобати ва замонавий тиббиётда балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилиб келинаётган доривор ўсимликлар ва уларнинг хом ашёларини чуқур ўрганиш натижалари гулхайри илдизи; ёнғоқ ва маврак барги; оддий бўймадарон ва мойчечак гули; қирқбўғин ва қоқиўт ер устки қисми балғам кўчирувчи таъсирга эга эканлигини кўрсатди. Фармакологлар билан ҳамкорликда олиб борилган тажриба натижалари, юқорида келтирилган ўсимликлар биргаликда ишлатилганда, уларнинг балғам кўчирувчи ҳоссаси янада кучайиши маълум бўлди. Бу ўсимлик хом ашёлари аралашмаларидан ҳар хил қувватли (30, 40, 50, 60 ва 70%) этил спирти ёрдамида, перколяция, мацерация ва мацерацион-циркуляция усулларида ажратма олинди. Олинган ажратмалар таркибидаги қуруқ қолдиқ миқдори XI ДФда келтирилган усул бўйича аниқланди. Олинган натижалар ажратувчи сифатида 60 ва 70% этил спиртидан фойдаланиб, мацерацион-циркуляция усулида олинган ажратмалар таркибидаги қуруқ қолдиқ миқдори юқори эканлигини кўрсатди. Иқтисодий нуқтаи-назаридан кейинги тажрибаларимизда 60% этил спиртидан ажратувчи сифатида фойдаланишни лозим деб топдик.