Ўқув-услубий қўлланма 5 курс талабаларининг лаборатория дарсларига мустақил тайёрланишлари ва тажрибаларни бажаришлари учун мўлжалланган. Ушбу ўқув-услубий қўлланма талабаларнинг мавзу юзасидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаб, кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради. Бунда талабалар саноатда ишлаб чиқариладиган дори турларини сифатини назорат этиш ва стандартлашда қўлланиладиган МТҲ лар, уларда келтирилган талаблар, замонавий таҳлил усуллари ва уларнинг ўзига хос томонларини чуқур ўрганадилар.
Мавзунинг аҳамияти:
Ҳозирги кунда саноатда ишлаб чиқарилган дори воситалари дорихона рецептурасининг 95% дан ошиғини ташкил этиб, уларнинг ишлатилиши янада ошиб бормоқда. Бу ўз навбатида саноатда ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг сифатига қўйилган талабнинг кучайишига олиб келди. Шунга кўра талабаларни саноатда ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг давлат стандартлари асосида таҳлил қилиб, сифатини назорат қилиш ва стандартлаш жараёни билан танишиши муҳим аҳамият касб этади.
Талабалар бу мавзуни ўрганишда ”Дори воситаларининг сифатини назорат қилиш ва стандартлаш” фанидан олган билимлари ва кўникмаларини мустақил равишда ишлатиб, мустаҳкамлайдилар.
Мавзуни ўрганиш орқали талабалар саноатда ишлаб чиқариладиган дори воситаларнинг сифат назорати ва бу билан шуғулланувчи идора ва корхоналарнинг вазифалари тўғрисида кенг тасаввурга эга бўладилар.