Тил бу, бир томондан, объектив борлиқнинг акси, бошқа томондан, бир-бирига нисбатан иерархик мутеликда бўлган аниқ белгилар тизимидир. Бу тизим нутқ ёрдамида маълум ахборотни етказишга хизмат қилади. Тил бу фикрлар ва ҳиссиётларни акс эттириш воситасидир. У мураккаб тузилишга эга: бу тизимлар тизимидир. Тилда барча ҳолатлар мураккаб тузилишли: маъно, сўзларнинг жойлашиши, фонемалар, морфемалар. Тилдаги маъно - абстрактдир. У бир неча аниқ, конкрет маъноларни ўз ичига олади. Нутқдаги маъно эса аниқ, конкретдир. У аниқ референтга тааллуқли. Аммо бу ҳолат ҳар вақт ҳам бир хилда бўлавермайди. Масалан, « I like a good weather» иборасидаги «weather» сўзининг маъноси абстрактдир.
Синтактик конструкциялар, гапдаги сўз тартиби, ёрдамчи сўзлар,грамматик категорияларни муваффақиятли ўрганиш учун шу конструкциялар ёки категориялар белгилаб берадиган тушунчаларни намойиш қилиш зарур, уларни схема ва жадваллар ёрдамида кўрсатиш лозим. Тилнинг синтактик даражасини ўрганиш жараёнида гапларни жадваллар, схемалар ёрдамида эга, кесим, предикатив компонент, тўлдирувчи гуруҳларига ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Гапларни айнан бир калит сўз билан турли синтактик - морфологик бўлакларга бўлиб, анализ қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Бир нарсани айтиш зарурки, сўзнинг маъносини унинг таржимаси эмас, балки тушунча вариантларини интерпретация қилиш белгилайди. Бу тушунча лексик - морфологик - фонетик моделларнинг намунавий тўлдиришлари билан бойитилади.Шу сабабли алоҳида сўзларнинг таржимаси маънони етказишда муҳим рол ўйнамаслиги керак ва ўйнай олмайди ҳам. Маъно вариантларини ажратишда биз қуйидагиларга эътибор қаратишимиз зарур: сўз бу белги,бу белги у ёки бу тушунчани англатади, бу тушунча абстракт, умумлаштирилган кўринишда объектив борлиқни акс эттиради. Объектив борлиқ кўринишлари чексиз, аммо уларни акс эттирадиган сўзлар нисбатан кам. Шу сабабли эшитувчи сўзни аниқ маънода тушуниши учун гапирувчи нутқида унга мос келадиган тил сигналлари бўлиши зарур. Бундай тил сигналлари синтактик, морфологик ва фонетик моделда бўлиши мумкин, шунингдек, алоҳида элементларнинг семантикаси , яъни лексик тўлдирувчилар ҳам иштирок этиши керак. Алоҳида айтиш зарурки, инглиз тили тузилиши нуқтаи назаридан мустақил бирикмалар маъноси феъл семантикаси ва равиш семантикаси, шунингдек, гап субъекти ва объекти билан биргаликдаги лексик тўлдирувчилар билан белгиланади.