Бугунги кунда ўзбек тилшунослигида долзарб муаммоларни ўрганиш бўйича
салмоқли ютуқлар қўлга киритилган ва изланишлар давом этмоқда. Тил
бирликларининг турли нутқ кўринишлари ва сатҳларидаги функционал-стилистик,
лингвопоэтик хусусиятларини тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай
лингвопоэтик қимматга эга муаммолардан бири тилимиздаги эллипсис ва
антиэллипсис ҳодисаларидир. Эллипсисни ўрганиш бўйича тилшуносликда маълум
бир ишлар амалга оширилган бўлса-да, антиэллипсис ҳодисаси ўзбек
тилшунослигида, умуман, тилга ҳам олинган эмас. Таъкидлаш лозимки, эллипсис ва
антиэллипсиснинг бадиий матнда қўлланилишидаги ўзига хос лингвопоэтик
имкониятлари эса мутлақо тадқиқ этилмаган. Ҳолбуки, эллипсис ва антиэллипсис
экспрессив ва поэтик синтаксисдаги энг таъсирчан воситалардан бўлиб, улар
тилимизнинг бадиий имконларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса мазкур
мавзунинг долзарблигини белгилайди ва айни муаммо бўйича махсус илмий
изланиш олиб бориш лозимлигини кўрсатади.