Инсоният тараққиёти ўзгарувчандир, бу ҳеч қачон бир нуқтада тўхтаб қолмаган. Маълумки, ўтмишда ва ҳозирда ҳам инсон жамият ривожида асосий бўғин вазифасини бажарган. Уларнинг таназзулига ёки тараққий этишига ҳам инсон сабабчи бўлган. Бугунги кунда баркамол, соғлом ва теран фикрли ёш авлод тарбияси, унинг ҳар томонлама пухта, мукаммал инсон бўлиб етишишига эришиш масаласига ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ эътибор берилмоқда. Ёш авлодни юксак маънавиятли шахс сифатида тарбиялаш жамиятда муҳим ижтимоий омил сифатида қаралади. Барчамизга аёнки, инсон қалбига йўл аввало, таълим-тарбиядан бошланади. Бугунги кунда баркамол авлодни соғлом турмуш тарзига тайёрлашда таълим–тарбия соҳасидан бошлаб, матбуот, телевидение, Интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари ёшларни комил инсон қилиб тарбиялайдиган ҳар қандай ижобий жараённи замон талаблари асосида янги босқичга кўтариши зарур. Жамият талаб ва эҳтиёжлари, эрки ва озодлиги ҳамда ижтимоий – иқтисодий ва сиёсий механизми марказида – ёш авлод ётади. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “...фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган сўзларида ҳар бир ёш авлодни ватанга садоқат руҳида камол топиши учун муҳим бир эътибор десак бежиз бўлмайди. Албатта, баркамол авлодни ўстиришда таълим – тарбия жараёнининг моҳияти, мазмуни, ташкилий йўналишлари, тузилмаларнинг ўзаро уйғун фаолиятини узвий равишда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Юртбошимиз ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди. Мамлакатимизнинг доимий тараққий этиб бориши учун авваламбор ёш авлодни баркамол, мустақил фикрлайдиган, билимли, тадбиркор, ўз Ватанига меҳрли қилиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири қилиб белгиланган. Жамиятда юксак маънавий фазилатларни шакллантириш, ёшларни бой маданий, маънавий меросимиз, тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялаш республикамизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг муҳим омили ҳисобланади. 1992 йилда “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда таълим ислоҳотлари йўлидаги илк қадам бўлди. Жаҳон ҳамжамияти сари юзланаётган мамлакатимизда таълим соҳасини эскича қарашлардан озод қилишга ва келажак учун замонавий дастурлар истиқболини ишлаб чиқиш имкониятини беради.