«Қизил ва қора» романининг бош қаҳрамони Жюльен Сорель - пастки табақа вакили, тахтдан ағдарилган Наполеоннинг оташин тарафдори бўлган бу йигит янги тарихий шароитда ўзининг табиий қобилиятларига мос келадиган ижтимоий мавқени эгаллашга интилади. Ўз маънавий кучи, қобилияти билан жамиятдаги ўрни, ўтинчининг ўғлига ажратилган ўрин, ўртасидаги номуносиблик Жюльенга тинчлик бермайди. У ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга тайёр ва қодир, Жюльен шу мақсадга эришиш учун фаол курашади. Ўз орзу-умидларига етишишни қатъий мақсад қилган Жюльен бу йўлда ўзи кириб борган, ўзи тушиб қолган ҳар қандай шароитга, муҳитга осонгина мослашади. Бироқ у атрофдагилардан ўзининг асл мақсадини яширишга мажбур.