Наққошлик санъати инсоният маданияти билан бир қаторда қадимий бўлиб, ўз тарихига эгадир. Турли минтақадаги археологик қазилмалар шуни кўрсатадики, наққошлик жаҳондаги барча халқларда қадим-қадимдан мавжуд бўлган. Олимларнинг таъкидлашларича, нақшнинг пайдо бўлиши инсониятнинг ўтроқ хаёт кечириб, меҳнат ҳамда уй-рўзғор буюмларини ясаши билан боғлиқ бўлиб, юқори палеолит даври (эр. авв. 15-10 асрлар)га туғри келар экан. Бизгача ибтидоий жамоа тузумидан ашёвий далиллар-меҳнат ва ов қуроллари, уй-анжом ва безак буюмлари, одамлар яшайдиган манзил қолдиқлари етиб келган. Тупроқ остида қолиб кетган тарихий ёдгорликлар, одам ва хайвонлар жасадининг қолдиқлари, ғор ва ертўла деворларига чизилган суврат ва бўртма тасвирлар ибтидоий жамоа даври тарихини ўрганишнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Бу даврларда нақш асосан геометрик-ромб, квадрат, айлана, спираль, учбурчак, овал, тўлқинсимон шакллардан иборат бўлиб, эстетик қийматидан кўра кўпроқ асору-атиқа (мифологик) хусусиятга эга бўлган. Бундан ташқари, безакда арқонсимон ҳамда арча шоҳларига ўхшаш элементлар учраган. пп