Мавзунинг долзарблиги. Ўзбекистон иқтисодиётида, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасининг мева-сабзавотчилик ва узумчилик қуйи мажмуаси ривожлантириши бўйича ўтқазилаётган озиқ-овқат дастури амалга оширилишида албатта, ўзига ҳос ислоҳотлар муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада мустақиллик йилларида мазкур мажмуадаги ислоҳотлар босқичма-босқич такомиллаштириб борилишига, ҳукумат даражасида кенг кўламда меъёрий-ҳуқуқий тадбирлар ишлаб чиқилишига алоҳида этибор қаратилмоқда.
Жаҳон амалиёти кўрсатишича, ривожланган давлатларда инсон саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашда витаминларга бой бўлган мева, узум ва сабзавот маҳсулотлари бозорини ривожлантиришга, унинг мавқеини муттасил ортиб боришига эришилмоқда. Республикамизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноатни хомашё билан таъминлашда ислоҳотлар самарадорлигини оширишга амалда тадбиқ этилаётган, чора-тадбирлар туфайли, барқарор иқтисодий ўсиш таъминланмоқда. Хусусан, 2009 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 8,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 5,7 фоизга ўсди . 2010 йилда эса, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 8,3 ва 5,0 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда . Қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини оширишда мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришда фермер ва деҳқон хўжаликларига тижорат банклари томонидан имтиёзли, кам фоизли ҳамда узоқ муддатли кредитлар ажратилаётгани муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда .