Ўзбекистонда 1990-йиллардан бошланган янги тарихий даврда бошқа санъат турлари қатори ҳайкалтарошлик ҳам эътиборга сазовор ижодий ўзгаришларга юз тутди. Янги маданий сиёсат ўлароқ мамлакатда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, миллий анъаналарни тиклаш, тарихий-маданий ўзлигимизни англаш масалалари устувор аҳамият касб этди ва бунинг пировардида мазкур жабҳада ғоявий-шаклий янгиланиш жараёни вужудга келди, олдинги ижодий ёндошувлардан фарқ қилувчи янги сифат босқичига йўл очилди.