Буюк истиқлолимиз инъом этган неъматлардан бири узоқ ва яқин ўтмиш тарихимизни мустамлакачилик ва унинг иллатларидан халос этиш, миллат тарихини, ватан тарихини мазлумлик ҳолатидан озод этиб, уни мустақил тараққиёт йўлига олиб чиқиш бўлди. Бузилган, сохталаштирилган, камситилган, ҳаттоки ҳақоратланган, маломат ва бўҳтонлар қуршовида қолган тарихимизни ўтмишнинг жирканч, чиркин иллатларидан тозалаш, ҳимоялаш, уни ўз жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Ислом Каримов томонидан бутун халқни, айниқса, ёшларни миллий истиқлол, миллий мафкура, миллий ғоя руҳида яратилган янги тарихимиз билан қуроллантириш вазифаси қўйилди. Ҳозирги вақтда яқин ўтмишимиздаги совет режими давридаги ўтмиш тарихимизни, айниқса, мустақиллик даври тарихини ўрганиш, билиш, тарғиб ва ташвиқ этиш, шу асосда зарур ҳаётий, амалий хулосалар чиқариш маънавий-мафкуравий фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.