«Танқид» атамаси. Тилимизда анча фаол қўлланувчи «танқид» сўзига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «Иш-ҳаракат, фаолият, асар, таълимот, назария ва ш.к.нинг салбий ва ижобий томонларини, ютуқ ва камчиликларини бирор нуқтаи назардан қараб текшириш, таҳлил қилиш, баҳолаш» дея изоҳ берилади. Шундай бўлса-да, тил амалиётида, айниқса, сўзлашув тилида мазкур сўз бирмунча тор маънода қўлланилиб, кўпроқ «бирор нарсанинг камчиликларини очиб бериш, фош этиш» маъносида тушунилади.