“Глобаллашув” тушунчаси, унинг маъно – мазмуни ва инсоният тараққиётидаги ўрни масаласига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки глобаллашув жараёни ер юзидаги малакат ва халқларни шу даражада узвий боғлаб қўймоқдаки, буни башарият тарихида шу пайтга қадар ҳеч қайси восита амалга ошира олмаган. Бу жараён шунчалик кучайиб бормоқдаки, ҳозирданоқ дунёнинг бирон бир ҳудуди унинг таъсиридан холи қолаётгани йўқ.
Албатта, бир томондан қараганда, бу жараённинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Чунончи, кўпгина мамлакатларга фан – техника, технология ютуқларининг жадал кириб келиши глобаллашув туфайли содир бўлмоқда. Бу эса уларнинг иқтисодий ҳаёти ривожига, халқлар турмуш даражасининг ортишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.