Бола ҳуқуқлари- ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахсга тегишли бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Маълумки, бугунги кунда, айниқса мустақилликка эришганимиздан сўнг, вояга етмаганлар кўпроқ ҳуқуқ ва эркинликларга эганлар. Улар жамиятнинг алоҳида ғамҳўрлик талаб этадиган қатлами ҳисобланиб, олдинги даврга қараганда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари доираса анча кенгдир. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани махсус давлат идоралари орқали мунтазам равишда назорат қилиниб борилади. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади . Лекин, узоқ ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, болалар ҳозирда қандай ҳуқуқларга эга бўлган бўлсалар, у даврда бу ҳуқуқлардан кўпига эга эмас эдилар. Ҳаттоки, кўпчилик мамлакатларда болалар ҳеч қандай ҳуқуқларга эга бўлмаганлар. Масалан, Рим ҳуқуқида болага оиланинг хусусий мулки сифатида қаралиб, унинг ҳаётига тегишли барча масалалар ўзининг розилигисиз оила бошлиғи ҳал этган.