Маълумки, умумтаълим мактабларининг 5-синфидан бошлаб ўқувчиларга адабиётшуносликка оид илк маълумотлар бериб борилади. Мактабда адабиёт ўқитиш дастурлари ўқувчиларга босқичма-босқич бадиий адабиётнинг моҳияти, адабий тур ва жанрлар, бадиий образ ва образлилик, шеър тизимлари, бадиий тасвир ва ифода воситалари каби адабий-назарий тушунчаларни ўргатиб боришни кўзда тутади. Бироқ умумтаълим мактаблари филолог-адабиётшунослар тайёрлашни мақсад қилмагани учун ҳам бу маълумотлар фрагментар тарзда — конкрет бадиий асарлар таҳлили жараёнида ёки бирор бир адиб ижодий меросини ўрганиш баробарида бериб борилган.