Мавзунинг долзарблиги. Эхинококкоз (Э) Осиё минтақасидаги аксарият давлатлар қаторида Ўзбекистон учун ҳам ўлка патологияси бўлиб, Республикамиз эхинококк касаллигининг эндемик ўчоқларидан бири ҳисобланади, бу ерда касалликнинг даражаси 1000 аҳолига 10 тагача кишини ташкил қилгани ҳолда пасайишга мойиллиги сезилмаётир [Каримов Ш.И., 1997; Назыров Ф.Г., 2005]. Жигар эхинококкозини (ЖЭ) ташхислаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш унинг турли шакллари (асоратланган, кўп сонли ва полиорган эхинококкоз) учрашининг борган сари ошиб бораётганлиги туфайли, замонавий жарроҳликнинг долзарб муаммоларидан бири эканлигича қолмоқда.