"Фарҳод ва Ширин"да қаҳрамонлар севги саргузаштлари орқали инсоннинг тарих ва келажак олдидаги вазифасини белгилайди, инсонлик фақат муҳаббатда эмас, балки ўша шарафли номнинг ҳимояси орқали эканини уқдиради. Шарқ тарихидаги Хусрав ва Ширин воқеасини бадиий жиҳатдан қайта ишлаб, Фарҳод орқали ўзининг комил инсон ҳақидаги қарашларини ифода қилган. Навоий достони орқали Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий анʼаналари янгиланган бўлса, ундан кейин бу сюжет турк мумтоз адабиётининг ўзак муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин тутди ва бу йўналишда Аҳмад ризвон, Жалилий, Ҳаримий, Бафқий, Урфи Шерозий, Ламиий, Низорий в.б. достонлари яратилди.