Маълумки, мева таркибида одам организми учун зарур бўлган шифобахш моддалар кўп. Масалан, пишган мевада шакар, органик кислоталар, оқсил, ёғлар, ошловчи моддалар, минерал тузлар, ферментлар, витаминлар тўпланади. Бу моддалар организмдаги озиқ-овкатни парчалаб, енгил ҳазм қилинишига ёрдам беради. Тиббиёт илмий муассасаларида олиб борилган илмий ишлар ва кузатишлар натижасига қараганда бир одам йил давомида 95-100 кг мева, шундан 15 кг узум ва 10 кг резавор-мевалар истеъмол қилиши керак. Сўнгги йиллардаги маълумотларга қараганда Ўзбекистонда етиштирилаётган мева, узум ва резавор- мева маҳсулотлари аҳоли жон бошига 61 кг.га тўғри келади. Лекин бу аҳоли талабини қондирмайди. Шуни ҳисобга олиб кейинги йилларда боғ-роглар майдонини кенгайтириш ва ҳосилдорлигини оширишга катта эътибор берилмоқда. Боғдорчилик маҳсулотларидан озиқ-овкат саноатида кенг фойдаланишдан, йил бўйи аҳолини янги мева билан таъминлашдан ташқари улар мағзидан сифатли мой (ёнғоқ, бодом, зайтун ва бошқалардан) олинади, анор, ёнғоқ мевасининг пўсти, баргидан танин ҳамда қимматбаҳо бўёқлар тайёрлашда фойдаланилади. Ёнғоқ, ўрик, нок ва хурмо каби мева дарахтлари ёғочидан мебель ишлаб чиқариш (ёғочсозлик) саноатида фойдаланилади.