Тупроқ физик нуқтаи назардан уч фазали система ҳисобланади, яъни қаттиқ, суюқ (тупроқ эритмаси) ва газсимон (тупроқдаги ҳаво) фазалардан таркиб топган. Тупроқнинг қаттиқ фазаси-қисми минерал ҳамда органик моддалардан иборатдир. Тупроқнинг минерал қисми қуруқликнинг юза қатламидаги тоғ жинсларининг нураши натижасида пайдо бўлади. Ернинг қаттиқ қобиғи - Литосфера ҳар хил минерал ва магматик (зич-кристал), чўкинди ва метаморфик тоғ жинслардан ташкил топган. Минераллар табиатда кварц (Si02) ва кальций карбонат (СаСО3) сингари қаттиқ, нефть (СnНn), сув (Н2О) каби суюқ ҳамда карбонат ангидрид (CO2) сингари газ ҳолида учрайди.