Ғалла экинлари касалликлар билан ялпи зарарланиши оғир оқибатларга олиб келганлиги тўғрисида деҳқончилик илми тарихида кўп маълумотлар мавжуд. Ўсимликларни эпифитотиялардан – муайян майдонда касалликлар ялпи ривожланишидан – ҳимоя қилишнинг замонавий ва ишончли усуллари мавжудлиги туфайли бундай ҳалокатли оқибатлар ҳозирги даврда камроқ кузатилади, аммо ўсимликлар касалликлари бугунги кунда ҳам қишлоқ хўжалигига катта зарар етказмоқда. Мисол учун, ғалла экинларининг занг касалликлари туфайли кўп ҳолларда ҳосилнинг 30-40 фоизи нобуд бўлади. РАСХН академиги В.А. Захаренконинг маълумотларига кўра 1980-йиллар охирида зарарли организмлар туфайли дунёда буғдой ҳосилининг 34%, жумладан касалликлар туфайли 12,4% йўқотилган. Ривожланган мамлакатларда илмий асосланган ҳимоя чоралари қўлланилмаганида фақат замбуруғлар қўзғатадиган касалликлар туфайли буғдой ҳосилининг ўртача 10 фоизи, интенсив технология қўлланилган далаларда эса 20 фоизи йўқотилади.