Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий қисмида Ғарбий Тяншаннинг тоғ тизмалари жойлашган. Бу тоғ тизмалар бири иккинчисига ёндош ҳолда шимоли-шарқдан жануби-ғарб томонга чўзилиб кетган. Уларнинг ҳаммаси шимоли-шарқда Талас Олатовига бориб қадалади. Талас Олатови Ғарбий Тяншаннинг баланд тоғларидан бири бўлиб, унинг энг баланд чўққиси, денгиз сатҳидан 4488 м баландликка кўтарилган ва Манас номини олган. Бу тизма чуқур дарё водийлари ва тоғ оралиқ ботиқларини бир-биридан ажратиб туради.