Саноат ишлаб чиқаришининг тарихий ривожланиши ва унинг асосий якунлари тўғрисида сўз юритилганда шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида «Уй саноати»нинг ривожи бундан 12-15 минг йил муқаддам мезолит даврида бошланган. Бу даврда жуда оддий меҳнат қуроллари ва буюмлари тайёрланган.
IX асрда Самарқанд ўзининг сифатли қоғози ва лампа шишаси билан машҳур бўлган. Шош вилояти кўнчилик маҳсулотлари билан донг таратган. Ўша даврда Ўрта Осиёдан Шарқий Европа, Хитой ва бошқа мамлакатларга Буюк Ипак йўли орқали чарм, мато, ипак, жун, кийим–кечак ва бошқа буюмлар жўнатилган.
XIV асрнинг 2-ярмида Амир Темур Самарқандда ҳокимиятни қўлга киритиб, марказлашган давлатга асос солди. Натижада давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий равнақига катта йўл очилган.