Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурияти. Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси, жумладан ғўзада ҳам хўжалик учун қимматли белгилар бўйича кенг ўзгарувчанликка эришиш ва янги шаклларни яратишда турли дурагайлаш услубларидан фойдаланилади. Дурагайлаш жараёни қандай амалга оширилишидан қатъий назар, ирсиятни ўзгаришига олиб келиши оқибатида янги яшаш шароитларига мослашадиган ва ўзгара оладиган янги пластик генотиплар пайдо бўлади. Дурагайлаш ва танлаш янги навларни яратишнинг асосий сунъий услубларидан бўлиб, унинг муваффақияти кўп жиҳатдан танланган чатиштириш услублари ва бошланғич ашёларнинг генотипига боғлиқ бўлади. Шунинг учун, дурагайлаш услубларини ўрганишга ва унинг генетик асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ, кенг фойдаланилаётган дурагайлаш услублари асосида ҳар доим ҳам хўжалик учун қимматли белгиларнинг юқори кўрсаткичларига эга бўлган навларни яратишга эришиб бўлмайди. Фойдаланилаётган дурагайлаш услублари орқали яратилган кўп навлар генетик жиҳатдан гомоген бўлиб қолиш оқибатида генетик ўзгарувчанликнинг пасайиши, эпифитотийлар пайдо бўлиш хавфи ортиши ва умумий маҳсулдорликни пасайиб кетишига олиб келиши мумкин (Бороевич, 1981). Шунинг учун, турли стресс омилларга, касалликларга ва зараркунандаларга генетик жиҳатдан чидамли бўлган бошланғич ашёлар ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг ёввойи аждодларидан фойдаланиш ҳисобига маданий экинларнинг хўжалик учун қимматли белгилари бўйича генетик ўзгарувчанлигини ошириш зарур.