Ахборот маконининг глобаллашуви, очиқлиги ва оммавий коммуникациянинг кучайиши натижасида ахборотлар инсон онгу шуурига шиддат билан оқиб келмоқда. Ахборот асрида оммавий ахборот воситалари сони кундан кунга ошиб бормоқда. Янги газета ва журналлар ташкил этиляпти, ихтисослашган, ўзининг махсус аудиториясига эга бўлган янги теле ва радиоканаллар фаолият бошлаётир. Оммавий ахборот воситаларининг кенг қулоч ёзиши фикр ва қарашлар ранг-баранглигини, жамият очиқлиги ва сўз эркинлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу диссертацияда медиатаълим тушунчаси ва бунда оммавий коммуникациянинг ўрни тадқиқ этилган.