Кўҳна Шарқ жуда катта тарихий-маданий тараққиёт йўлини босиб ўтган, инсоният тафаккур олами тадрижий ривожини рағбатлантирувчи, руҳлантирувчи, бойитиб борувчи омилларга асос солган муқаддас макон. Зотан, ана шу табаррук заминда илк одамлар ибтидоий тасаввурларининг шаклланиши, уларнинг ҳаёт ва яшашга интилиш туйғуларининг ривожланиши, оламни идрок этиш ва тасаввур қилишнинг дастлабки мўъжизавий ҳолатлари юзага келган.