Тадқиқот мавзусининг долзарблиги. Миллий иқтисодиётни модернизациялаш жараёнида хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Чунки хорижий инвесторлар ўзлари билан нафақат валюта, балки юқори даражадаги технологияни ҳам олиб киради. Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш сиёсати мавжуд маблағлардан, вақтдан ва имкониятлардан самарали фойдаланишга, мавжуд шарт-шароитлардан келиб чиқиб бойликларни самарали жойлаштиришга ва шу йўл билан республика иқтисодиётини кўтаришга, унинг жаҳон иқтисодий тизимига қўшилишига, рағбатлантириш йўли билан инвестицияларни иқтисодиётнинг устувор тармоқларига жалб қилишга ҳамда улардан самарали фойдаланишга қаратилган.