Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида ҳайкалтарошлик ва графика турлари нисбатан суст ривожланган бўлиб, доимо дастлабки ўринларни рангтасвир эгаллаган. Деворий расмлар, асосан, ибодатхоналар, саройлар ва қалъалар интерьерларини безаган. Шу аснода моҳир ҳайкалтарошлар қўллари билан яратилган будда ва унинг аъёнлари, масхарабоз, жангчи, турли ёшдаги эркак ва аёллар қиёфасидаги ҳайкалчалар ҳам бинонинг ички кўринишига жозиба бағишлаган. Шу нарса диққатга сазоворки, бу давр ибодатхоналари ва қасрларидаги деворий суратлар меъморчиликка чамбарчас боғлиқ. Кўплаб меҳмонхона деворларига тўлдириб расм ишланган, рассомлар ҳар ер-ҳар еридан эшиклар билан бўлиниб турувчи яхлит манзара яратишган, деса бўлади. Тантанали маросимларга мўлжалланган бундай улуғвор хоналар дераза-дарчалардан холи бўлиб, ёруғлик фақат юқоридан тушиб турган.