Биз одатда маънавият ҳақида, унинг маъно-мазмуни, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп гапирамиз. Лекин негадир аксарият ҳолларда кўпчилик маънавият ўзи нима, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб беришга қийналади. Масъул раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлашда ўтказиладиган суҳбат жараёнида уларнинг профессионал малакаси, билими, ташкилотчилиги, ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари билан бир қаторда маънавий савиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ва кўп ҳолларда, маънавият ҳақида бериладиган саволларга ҳар хил, баъзан эса бир-бирига қарама-қарши, қандайдир ноаниқ, саёз жавобларни ҳам эшитишга тўғри келади.