Қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Бу тармоқ мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, қайта ишлаш саноати тармоқларини эса хомашёга бўлган талабини қондиради. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизига яқини аграр сектор тармоқларида тайёрланади. Қишлоқ хўжалиги истеъмол бозорига барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пахтани кайта ишлаш, ёғ-мой саноатига хомашё етказиб бериши билан бирга, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё саноати ва бошқа саноат тармоқлари маҳсулотлари учун кафолатли бозор бўлиб ҳам ҳисобланади.