Умумий ўрта таълим мактабларини битирган ўқувчиларнинг тахминан 90% касб-ҳунар коллежларига, 10% эса академик лицейларга ўқишга боришлари мўлжалланган. Бундай ижтимоий талабларни қондириш мақсадида мактабда касбга йўналтириш юзасидан олиб бориладиган ишларни мазмунан янгилаш, изчил йўлга қўйиш зарурлиги юзага келмоқда. Дарс жараёнида халқ ҳўжалигида бевосита ишлаб чиқариш билан машғул меҳнат аҳлларига ҳурмат ва иззат туйғуларини сингдириб боришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Касб-ҳунарга йўллаш бўйича олиб бориладиган ишларнинг барча шакл ва методлари ўқувчиларнинг мақсадли равишда касб танлашларига хизмат қилиши лозимдир. Мактабда касб-ҳунарга йўналтириш ишларини йўлга қўйишда анъанавий амалий машғулот, суҳбат, диалогли мунозаралар билан бирга педагогик ўйин, конференция, мустақил фикрлар, маҳалла, ишлаб чиқариш корхоналарининг жамоалари билан биргаликда ўтказиладиган тадбирлар каби янги педагогик технология элементларидан унумли фойдаланиш тавсия этилади.