Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз халқ хўжалигининг энг муҳим тармоғи, унинг серқирра фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш учун маълум миқдорда моддий, пул ҳамда меҳнат сарф-харажатлари амалга оширилади. Уларнинг мамлакат миқёсидаги миқдори жами ижтимоий харажатлар деб аталади. Ижтимоий харажатлар ижтимоий маҳсулот қиймати билан тенгдир. Ялпи харажатларнинг ошиши натижасида маҳсулотлар бирлигининг таннархлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Келажакда ялпи ва ўртача харажатлар миқдорини камайтириш мақсадида тармоқдаги барча жараёнларни механизациялаштириш, автоматлаштириш, электрлаштириш натижасида экинлар ҳосилдорлигини, чорва ҳайвонлари маҳсулдорлигини ошириб, маҳсулотлар сифатини яхшилашга эришиш лозим.