Ўтказилган тадқиқотлар ва тажриба маълумотларини умумлаштириш натижасида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1.Олмос рнгбаранглик бухоро зот типидаги қоракўл қўйларининг мустаҳкам ирсий хусусиятга эга бўлган мустақил рангбаранглиги ҳисобланади.
2.Олмос рангбарангликдаги қўйларни ирсий салоҳияти уларни бошқа экологик худудларда ҳам урчитиш имкониятини беради.
3. Олмос рангбарангликдаги қўзилар кумуш ва тилла рангбарангликдаги тенгқурларига нисбатан туғилган вақти, 10-15 кунлик ва 4,5 ойлик ёшида тирик вазни, тана ўлчамлари ва индекслари кўрсаткичлари бирмунча кам бўлиб, бу фарқ қўйларнинг биологик хусусияти билан боғлиқ.
4.Таққосланаётган барча рангбарангликдаги ҳатто бир хил барра типига мансуб қўзиларда рангбарангликнинг ифодаланиши бўйича устунлик олмос рангбарангликдаги қўзиларда кузатилди.
5.Олмос рангбарангликдаги қўзилар кумуш ва тилла рангбарангликдаги тенгқурларига нисбатан ипаксимонлик ва ялтироқликнинг ифодаланиши бўйича устунлик қилиб, уларнинг салмоғи мос равишда 40,9% ва 20,4% ни ташкил қилиши олмос рангбаранглик бўйича селекциялашда жун-тола қопламининг сифатини яхшилашини кўрсатади.
6. Олмос рангбарангликдаги қўзилар терисининг умумий қалинлиги тенгқурларига нисбатан юпқа бўлсада, тери сатҳи бирлиги ҳисобига муртак (зачаточный) фолликулалар сони бўйича бошқа рангбарангликдаги тенгқурларидан юқори ишончлилик даражасида (Р< 0,001) устунлик қилиши кузатилди.
7. Иқтисодий самарадорликни аниқлаш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижасида аниқландики, олмос рангбарангликдаги қўзилар кумуш ва тилла рангбарангликдаги тенгқурларига нисбатан мос равишда 28,97 ва 37,34 минг сўм қиммат сотилиши кузатилди.