Мавзунинг долзарблиги. Ҳозирги вақтда республикамиздаги барча ишлаб турган иссиқлик электр станциялари, иссиқлик электр марказлари ва саноат корхоналарида асосан рекуператив иссиқлик алмашинув қурилмалари кенг қўлланилади. Ушбу рекуператив иссиқлик алмашинув қурилмаларининг асосий улушини қоплама қувурли иссиқлик алмашинув қурилмалари ташкил этади. Қоплама қувурли иссиқлик алмашинув қурилмаларининг ташқи ўлчамлари катта ва массасининг оғирлиги туфайли уларни эксплуатация қилиш вақтида қийинчиликлар туғдиради. Шунингдек қурилмаларда қўлланилаётган техник сувнинг тузлилик ва қаттиқлик миқдори юқорилиги туфайли иссиқлик алмашинув юзаларида туз қатламлари ва накип ҳосил бўлмоқда, бу иссиқлик алмашинишини ёмонлашишига, технологик режимни бузилишига, иссиқлик алмашинув қурилмалари каналларининг гидравлик қаршилигини ортишига ва электр энергиясини кўп сарфланишига олиб келади.