Ўзбекистонда давлат қурилиши ва фуқаролик жамиятини эркинлаштириш, кучли давлатдан кучли жамиятга ўтиш вазифаларини амалга оширишда ҳар бир ёшнинг жамиятда ўз ўрни бўлишини билиш, энг муҳими, ўзнинг жамиятнинг ажралмас қисми деб тушуниши улкан аҳамият касб этади. Бу ўз маъсуллигини англашга эришишда мавжуд демократик институтлар, ўз-ўзини бошқариш органлари, партиялар, нодавлат ва жамоат ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Чунки, жамиятда яшаётган ҳар бир ёшнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти мавжуд сиёсий институтлар, партиялар ёки нодавлат ва жамоат ташкилотлари орқали амалга ошириладиган демократик сиёсий жараёнларда акс этади.