Мамлакатимизда суғорма деҳқончилик асосан дарё водийларида олиб борилади. Шундай водийлардан бири минглаб йиллардан бери иқтисодиётимизда муҳим аҳамият касб этиб келган Зарафшон водийсидир. Зарафшон водийси табиий шароитининг қулайлиги бу ерда қадимдан аҳолининг ўтроқ ҳолда ҳаёт кечириши, лалми ва суғорма деҳқончиликни яхши йўлга қўйилишига сабаб бўлган. Бугунги кунда Зарафшон водийсининг катта қисмида табиий ландшафтлар ўрнини селитеб ва ирригацион типлардаги антропоген ландшафтлар эгаллаган. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларга олиб келди. Бундай ўзгаришлар барча соҳалар каби ландшафтшуносликда ҳам амалга оширилиб келинмоқда.