Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини халқаро миқёсда мустаҳкамлаб борар экан, унинг келажаги бугунги авлодни ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб етишишига, қандай таълим-тарбия олишига боғлиқ. Президентимиз И.А.Каримов айтганидек: “Таълимни тарбиядан тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафасидир” [1,62]. Баркамол авлодни тарбиялаш инсониятнинг энг ёрқин орзуси бўлиб келган. Дарҳақиқат, келажак авлод ҳақида қайғуриш соғлом, баркамол, комил инсонни тарбиялаб, вояга етказишга интилиб яшаш ўзбек халқининг миллий хусусиятларидан биридир. Айнан мустақиллик шарофати билан миллий қадриятлар, анъаналарнинг тикланиши аждодларга нисбатан ҳурмат хиссини шакллантириш билан бир қаторда ўсиб келаётган ёш авлодни таълим-тарбиясида миллий руҳиятнинг ўрни беқиёс эканини кўрсатиб берди. Бизга маълумки, шарқона тарбия негизида самимийлик, саховат, футувват каби альтруистик хулқ-атвор ётади. Шундай экан, миллат келажаги бўлмиш ёш авлодни альтруистик руҳда тарбиялаш, уларга шарқона тарбия асосларини сингдириш, ёшлар маънавий онгини шакллантириш орқали хулқдаги зарарли иллатларни олдини олиш, хулқдаги оғишишларни бартараф этиш долзарб муаммолардан биридир.