Узоқ йиллар давомида ипакчиликда асосий мақсад пилла топшириш режасини ошириб бажариш бўлиб, селекция ишлари асосан пилла ҳосилини оширишга, аниқроғи йирик, вазндор пиллалар ўрайдиган зот ва дурагайлар яратишга қаратилган эди. Охир оқибат бундай ҳолат, ишлаб чиқаришда етиштирилаётган пиллаларнинг сифат кўрсаткичларини талаб даражасидан анча паст бўлишига сабаб бўлди. Жаҳон ипак бозорида А, А4, А5 типдаги ипак толасига бўлган талаб ва нарх жуда баланд бўлмоқда. Шу муносабат билан генетик-селекционер олимлар олдига тут ипак қуртининг юқори маҳсулдорликка эга, Республикамизнинг ўзига хос иссиқ, қуруқ иқлим шароитига мослашган, пиллалар технологик кўрсаткичлари юқори бўлган саноат дурагайларини яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш вазифалари қўйилган. Ипак толасини энг муҳим технологик хусусиятларининг селекция йўналишида бир қанча тадқиқотлар Ўзбекистон, Озарбайжон, Украина ва Грузиялик олимлар томонидан амалга оширилган.