Ўзбекистон Давлат санъат музейи – Ўрта Осиёда илк бор ташкил этилган бадиий музей. 1918 йилда Тошкент шаҳрида Халқ университети музейи сифатида асос солинган. Кейинчалик Марказий бадиий музей, 1924 йилдан Тошкент санъат музейи, 1935 йилдан ҳозирги номда фаолият кўрсатмоқда.
Музей фонди 70 мингдан зиёд экспонатга эга, томошабинлар сони йилига 250 мингдан ошади. Музейда Ўзбекистон халқ амалий санъати, Ўзбекистон тасвирий санъати, Россия ва Ғарбий Европа санъати, Шарқ мамлакатлари санъати бўлимлари мавжуд. Музейнинг Экспозиция майдони 5,400 квадрат метр: экспозиция музейнинг фойе қисмида ва биринчи, иккинчи, учинчи қаватдаги 52 та залларда намойиш этилган. Музей, бой ўзбек амалий санъати тўпламига эга, айниқса, ўзбек заргарлик санъати намуналарига алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин.