Ҳозирги кунда психосоматик касаллик ҳақида сўз кетганда, ўткир ёки доимий стресс сабабли ривожланган органик касалликлар тушунилади, яъни хафақон касаллиги, бронхиал астма, яра касаллиги, қандли диабет ва ҳоказо. Психосоматик синдром деганда ўткир ёки доимий стресс сабабли турли аъзоларда ривожланган функционал бузилишлар тушунилади. Бу атаманинг синонимлари жуда кўп ва хилма-хилдир: «психовегетатив синдром», «соматоген депрессия», «ниқобланган депрессия», «вегетоневроз» ва ҳоказо. Бироқ, клиник амалиётда «психосоматик синдром» ёки «соматоформ бузилишлар» атамаси кенг қўлланилади. Агар функционал бузилишлар соматик касаллик оқибатида ривожланса, бунга соматопсихик синдром деб аталади. Лекин бу атама клиник тиббиётда жуда кам ишлатилади.